tungi.site

Уйнаш

Ўйнаш (Жазман) — Бу Ҳар Доим Танловдир

Макола фейсбукдан кучирилган

Жазманлар — бу мавзу доимо қизғин баҳсларга, баъзан эса кимнингдир ичидаги оғриқли кўз ёшларига сабаб бўлади.

Кимнингдир қон босими кўтарилса, кимнингдир нафаси бўғзига тиқилади. Бу мавзу ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

Келинг, очиқчасига гаплашамиз: "Жазман" мақоми — бу тасодиф эмас, бу "вой, шундай бўлиб қолди-да" деган нарса ҳам эмас. Қизлар, билмасдан стаканни тушириб юбориш мумкин, адашиб бошқа шампун сотиб олиш мумкин. Лекин бегона эркакнинг тўшагида ТАСОДИФАН пайдо бўлиб қолишнинг иложи йўқ.

Жазман — бу ўз хоҳиши, тўлақонли англаши ва розилиги билан, ўз оёқлари билан ушбу ролга қадам қўйган аёлдир. Ҳар бир жазмананинг ўз тарихи ва ўз сабаблари бор:

* биров зерикарли кундалик ҳаётдан — эр, болалар, борш ва кир ювишдан қочмоқчи бўлади;

* бошқаси пинҳоний учрашувлар адриналинини излайди: атирлар, баланд пошналар, ҳаяжондан ураётган юрак;

* учинчисига шунчаки пул ва моддий таъминот керак;

* тўртинчиси эса ўзига: "Мен ҳалиям ҳар қандай эркакни илинтира оламан", деб исботламоқчи бўлади.

Бироқ, бу аёлларнинг барчасини нима бирлаштириб туради?

Иллюзия (хомхаёл).

Уларнинг ҳаммаси вазиятни гўёки ўзлари бошқараётганига чин дилдан ишонишади. Ҳар бир жазмана ўзини мустасно деб ҳисоблайди:

"Мен бошқаларга ўхшамайман, бизда ҳаммаси бошқача".

Аммо статистика — ўта қайсар нарса. У сизни доим ерга тушириб қўяди. Реал ҳаёт эса хомхаёлларга аёвсиз зарба беради:

* адреналиннинг ножўя таъсири бор — бу қарамлик;

* пулнинг ўз нархи бор — сенинг ўрнинг доим "захира ўриндиғида" бўлади ва у ерда ёлғиз эмаслигингни англаш оғриқлидир;

* "мен алоҳидаман" деган иллюзия эркак телефонни ўчириб, уйига — хотинининг ёнига ухлашга кетган лаҳзадаёқ тугайди.

Клиник ва терапевтик амалиётда жазмана — "қурбон" эмас. Қурбон деб — ўз иродасига қарши ёки англамаган ҳолда бирор вазиятга тортилган кишига айтилади.

Аёл киши дугоналари ёки оиласи олдида ўзини оқлаб: "Шундай бўлиб қолди, кеч учрашдик..." дейиши мумкин.

Лекин мутахассис хонасида у ростини айтади:

"Мен унинг уйланганини билардим, бу менга қулай эди ва мени қониқтирарди. Нима қилаётганимни билардим".

Бу мен ўнлаб марта эшитган иқрордир.

Менинг ёндашувим бироз қаттиққўл туюлиши мумкин. Баъзиларингиз: "Эва, сиз жуда кескинсиз! Ахир аёл киши унинг уйланганини билмай қолган, алдов ёки манипуляция қурбони бўлган ҳолатлар ҳам бўлади-ку!" дейишингиз мумкин. Ва сиз ҳақсиз, бундай воқеалар ҳам учраб туради.

Баъзан эркак ҳақиқатни яширади, "яқинда ажрашаман" деб алдайди ёки аёлнинг туйғулари билан шунчалик усталик билан ўйнайдики, аёл билмаган ҳолда жазмана ролига тушиб қолади. Бу ҳақиқат ва бундай ҳолатлар истиснодир. Лекин келинг, бу истиснолар ортига яширинмайлик.

Ҳатто шундай вазиятда ҳам, аёл ҳақиқатни билгач, танлов қилади — қолиш ёки кетиш. Мана шу нуқтада унинг масъулияти бошланади. Эркакнинг ролини эътиборсиз қолдириш нотўғри, лекин бутун масъулиятни унинг зиммасига юклаш — ўз ҳаётингиз устидан назоратни унга топшириш демакдир.

Мен эркакдан айбни соқит қилмайман, у ҳам бу ўйиннинг иштирокчиси ва унинг қарорлари ҳам ўз оқибатига эга. Бироқ бугунги эътиборимиз аёлларга қаратилган, чунки фақат сиз — қанча вақт сояда қолишни ва бунинг учун қандай бадал тўлашни ҳал қиласиз.

Айрим аёллар учун "иккинчи" бўлиш ғояси жуда жозибали туюлади. Кўпинча бундай танловни қайтадан хотин бўлишни истамайдиган ёки умуман оилавий мажбуриятларни хоҳламайдиган аёллар қилади. Улар учун доимий рўзғор ташвишлари: овқат қилиш, уй йиғиштириш, болалар, биргаликдаги муаммолар — оғирлик қилади.

Улар ё аввал турмуш қуриб кўрган ва буни қайтаришни истамайди, ёки бошқаларнинг ҳаётига қараб, "оила ва рўзғор" сценарийсидан онгли равишда қочади.

Жазман ролида муносабатларнинг фақат "тоза" қисми қолади: яқинлик, эътибор, ёрқин ҳиссиётлар. Бундай аёллар учун бу формат ўз мустақиллигини сақлаб қолиш усулидир.

Улар: "Мен бировнинг эҳтиёжларини ўз бўйнимга олмоқчи эмасман, менга муносабатларнинг фақат энергия ва ижобий ҳиссиёт берадиган қисми керак", дейишади. У ерда "керак" деган сўз йўқ — фақат "хоҳлайман" бор.

Психологик жиҳатдан бу масъулиятсиз равишда фақат роҳатланишга берилиш деб тушунтирилади. Аёл ўз эркинлигини йўқотиш билан боғлиқ бўлган муносабат унсурларини атайлаб четлаб ўтади. Улар учун бу — шеригига қанча ва қачон вақт ажратишни ўзи белгилаган ҳолда, "ўзи учун яшаш" имкониятидир.

Жазмана бўлишнинг энг кучли ва кенг тарқалган сабабларидан бири — бу адреналин.

Сирлилик худди гиёҳванд моддадек таъсир қилади.

Аёл ҳамма нарса олдиндан маълум бўлган одатий ҳаётда яшайди: иш, уй, эр, болалар... Ва бирдан унинг ҳаётида ҳамма нарса бошқача бўлган тақиқланган ҳудуд пайдо бўлади. Ҳар бир лаҳза хавф билан тўла ва айнан шу нарса муносабатларга ўзгача завқ бағишлайди.

Адреналин туйғуларни кучайтиради, уларни оддий яқинликдан кўра ёрқинроқ қилади.

Расмий муносабатлардаги яқинлик хотиржам ва кутилган бўлиши мумкин, лекин пинҳоний алоқада ҳаммаси бошқача:

* юрак тезроқ уради;

* тад за кучлироқ таъсирланади;

* ҳиссиётлар сизни бутунлай чулғаб олади.

Ва аёл айнан шу хавф-хатарни ҳақиқий эҳтирос деб қабул қила бошлайди.

Терапияда бу "кучли стимулларни қидириш" деб аталади. Пинҳоний учрашувда адреналин механизмини ишга туширувчи ҳамма нарса бор: махфийлик, чекланган вақт, тақиқ.

Аёл учун бундай учрашувлар рўзғордан қочишнинг бир турига айланади. Идиш-товоқлар уюми, кирлар ва "Ойи, пайпоғим қани?" деган гаплар бўлмаган қисқа лаҳзалар.

Психология нуқтаи назаридан, бу компенсация (ўрнини тўлдириш) механизмидир: аёл ўзидаги "мен шунчаки хизматчига айландим" деган туйғудан қочиб, "мен аёлман" деган ўзлигини қайтариб олади.

Тақиқланган учрашувлардан келадиган адреналин бу таъсирни ўн баробар кучайтиради. Бизнинг миямиз шундай тузилганки, бунга тезкорлик билан қарамлик шаклланади.

Аёл энди маълум бир эркакни эмас, балки айнан ўша ҳолатни — ўша ўткир ҳиссиётларни излай бошлайди. Бу ҳиссий наркоманиядир.

Моддий манфаат ҳам аёлларнинг онгли равишда жазмана ролини танлашига сабаб бўладиган энг барқарор омиллардан биридир.

Терапияда бундай воқеалар тез-тез такрорланади: аёл ҳиссий жиҳатдан мустақил бўлиши мумкин, лекин моддий томон у учун асосий рағбат бўлади. Бунинг бир неча даражаси бор:

* Тўғридан-тўғри моддий таъминот:

Аёл қимматбаҳо совғалар, саёҳатлар, уй-жой ва пул олади. Кўпчилик учун бу формат расмий никоҳдан кўра қулайроқ туюлади: хотиннинг бўйнида рўзғор ва болалар, жазмана эса муносабатларнинг фақат гўзал томонидан баҳраманд бўлади.

* Карьера ва ресурслар:

Аёл бундай муносабатлардан мансаб пиллапояларидан кўтарилиш, лавозим олиш ёки нуфузли давраларга кириш учун фойдаланиши мумкин. Бу ҳам таъминотнинг бир тури, фақат нақд пул кўринишида эмас, балки ижтимоий ва касбий имкониятлар шаклида.

* Ҳокимият ва мақом:

Баъзи аёллар учун нуфузли ва кучли эркакнинг ёнида бўлиш муҳим. Кўпгина хонандалар ёки моделлар бой ва таъсирли ҳомийлар уларнинг саҳнага чиқишига ёрдам берганини очиқ тан олишган.

Бу ерда яна ўша ҳисоб-китоб ишлайди: "Мен унга танамни ва эътиборимни бераман, у эса мен учун барча эшикларни очади".

Терапевтик нуқтаи назардан, бу доимо ўз қадрини ташқи манбаларга боғлаб қўйишдир. Аёл эркакнинг ресурсларига қарам бўлиб яшаётганини англайди, лекин буни норма ёки ҳатто "стратегия" деб қабул қилади.

Бундай прагматизмнинг энг қаттиқ ва аянчли кўриниши — уйланган эркакдан фарзанд кўриш.

Амалиётда бундай ҳолатлар ҳам учрайди: аёл ўзига умрбод моддий таъминотни кафолатлаш учун онгли равишда фарзанд туғади. Унинг фикрича, бу бола орқали эркакнинг ресурсларига кўп йилларга боғланиб қолиш усулидир.

Бундай воқеалар кам эмас. Бу алоҳида бир тоифадир. Бундай аёллар учун бу стратегия мантиқий кўринади.

Лекин терапия нуқтаи назаридан, бу жуда хавфли йўл. Аёл ўз ички қадрини ташқи ёрдамга алмаштириб, ўзини доимий қарамликка маҳкум қилади.

Яна шундай аёллар борки, улар учун бировнинг бахти "ўлжа" ҳисобланади. Булар — овчи аёллар. Уларнинг мақсади бўйдоқ эркаклар эмас, айнан оиласига боғланган, мустаҳкам никоҳи бор эркаклардир.

Улар муносабатлари дарз кетган оилага тегишмайди. Уларга ҳақиқий "кубок" керак — хотинини севадиган, ардоқлайдиган эркак. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, овчи аёлнинг иштиёқи шунчалик баланд бўлади.

Бунинг энг даҳшатли томони — опа-сингиллар ёки дугоналарнинг эрлари нишонга олинганда кўринади. Ва бу асло тасодиф эмас.

Бундай аёлларнинг психологик типи чегараларни бузиш орқали ўз қадрини тасдиқлашга асосланган (нарциссизм). Эркак бу ерда шунчаки қурол. Унга эркак эмас, балки унинг хиёнати келтириб чиқарадиган шов-шувли таъсир керак. Эркак ўз оиласи, дўстлиги ёки қариндошлик ришталаридан аёл учун воз кечган лаҳзада, аёл ўзини никоҳдан ҳам, қон-қариндошликдан ҳам устун ва кучли ҳис қилади.

Бироқ натижа доим бир хил: тақиқ бузилиб, оила вайрон бўлгач, қизиқиш зудлик билан йўқолади. Эркак ўз қадрини йўқотади. Сўнгра янги ўлжа қидириш бошланади.

Бунинг учун руҳият оғир бадал тўлайди. Аёл ташқи тасдиққа ва вайронкорлик ўйинига боғланиб қолади.

Жазман роли саломатликка қандай таъсир қилади?

Аёл йиллар давомида жазмана ролида қолса, у қанчалик рад этмасин, унинг руҳияти доимий зўриқишда яшайди.

* Сурункали стресс синдроми:

Асаб тизими доимий қўзғалиш ҳолатида бўлади: кортизол даражаси барқарор юқори, адреналин фони пасайишга улгурмейди. Бу эса: тахикардия, қон босимининг ошиши, сурункали бош оғриғи ва доимий чарчоқ ҳиссига олиб келади. Аёл ташқи томондан тетик кўриниши мумкин, лекин ички аъзолари "емирилиш" учун ишлайди.

* Уйқусизлик:

Тўлақонли бўшаша олмаслик, доимий хавотирлар: "Телефон қиладими ёки йўқ?", "Ҳозир қаерда ва ким билан?", "Хотини билиб қолса-чи?". Буларнинг барчаси уйқу бузилишини келтириб чиқаради. Бу эса вақт ўтиши билан диққатни жамлаш ва хотиранинг пасайишига, асабийликка сабаб бўлади.

* Иммунитетнинг пасайиши:

Доимий руҳий зўриқиш ва юқори кортизол иммунитетни бўғиб қўяди. Амалиётда бу тез-тез шамоллаш, сурункали яллиғланишлар, герпеснинг тез-тез чиқиши ва гинекологик инфекциялар билан намоён бўлади. Бу руҳий стресс ва жисмоний заифлик ўртасидаги тўғридан-тўғри боғлиқликдир.

* Психосоматик касалликлар:

Терапияга бундай беморлар ошқозон оғриғи, ичак спазмлари, ҳайз циклининг бузилиши каби шикоятлар билан келишади. Текширилганда жисмоний касаллик кам бўлади, лекин аломатлар жуда кучли. Танна руҳият учун товон тўлайди.

Жазман роли нафақат ҳиссий, балки жисмоний жиҳатдан ҳам соғлиқни емиради. "Енгил ҳаёт" ҳақидаги иллюзия аслида тананинг ич-ичидан секин чиришига айланади.

Аёл доимий равишда ички қарама-қаршиликда (когнитив диссонанс) яшайди: ташқи томондан ўзига "мен буни ўзим танладим" дейди, лекин ички оламида ўзини кераксиз ва жуда ёлғиз ҳис қилади. Бу можаро инсонни ҳолдан тойдиради ва охир-оқибат барқарор руҳий бузилишга олиб келади.

Жазман ўзига қарши ўйин ўйнайди. Аввалига яхши жинсий ҳаёт, адреналин, совғалар, "мажбуриятларсиз" ҳаёт... Кейин эса — бир олам касалликлар ва гиёҳвандликдан ҳам кучлироқ қарамлик.

Ва ниҳоят: "Мен ўзлигимни хомхаёлларга сотиб юборибман" деган англаш келганда — бу ҳар қандай хиёнатдан ҳам қаттиқроқ зарба беради.

Жазманалик — бу эҳтирос ҳақидаги воқеа эмас, бу нарх (бадал) ҳақидаги воқеадир. Бу бадал эса — сенинг руҳиятинг, тананг ва ўзлик қадрингдир.

Аёл ўзининг "алоҳида ўрни" ҳақида ўзига қанчалик ёлғон гапирмасин, натижа доим бир хил — бўшлиқ, касаллик ва ишлатилганлик ҳисси.

Ва мана шу ерда асосий савол туғилади:

Балки бировнинг дастурхонидан қолган ушоқларни териб ейишни бас қилиш ва ўзингга ҳақли равишда тегишли бўлган нарсани — ҳурматни, муҳаббатни ва бировнинг оиласи соясида эмас, балки муносиб эркакнинг ёнида бўлишни танлаш вақти келгандир?

Азиз аёллар, ўзингизни қадрланг.

Эва Майер — холистик психотерапевт, сексолог-психолог, арт-терапевт, НЛП устаси, медиатор.